Чингизхон шахсиятига ва умуман турк-мўғул даври меросига муносабат ўзгариб бораётган бир пайтда бу ҳаракатга реакция ҳам рўй бермоқда.
Ўзи бу мавзуда эски нуқтаи назарда турувчилар кўпчилик, лекин уларни камроқ эшитамиз — ҳарқалай, ҳозирча ўзбек тарихчилигида "Чингизхон — босқинчи" деган қараш расмий мақомга эга, дарсликларда, давлат ташкилотлари маъқуллаган медиаконтентда фақат у акс этади.Аммо тескари фикр тарафдорлари ҳам чиқиб келаётгани "расмий" қараш вакилларининг ғашига тегмоқда.
"Чингизхонни улуғлашга қарши" бир подкаст кўргандим анча олдин, кеча шунинг мантиқий давоми бўлмиш яна бир подкастга кўзим тушди.
Мен ўзи тарихчилар ёки умуман ҳар қандай подкаст иштирокичларининг келиб чиқиш манзилига эътибор қаратмайман, лекин бу подкастнинг изоҳида муаллифларнинг ўзи шунга урғу беришибди, шунга менам тўхталиб ўтай.
Изоҳда айтилишича, "Ўзбек медиа оламида Туркистонни қонга ботирган Чингизхонни улуғлаш, уни қаҳрамон сифатида кўрсатиш тенденцияси кучаймоқда. Хоразмлик тарихчилар бунга жавоб берди". Бунга ҳайрон бўлмадим — Хоразмнинг ўзига хос тарихий нарративи бор, Чингизхонга муносабат ўзгаришини хоразмлик тарихчилар бу нарративга таҳдид деб билади. Чингизхон хоразмшоҳларга қарши уруш олиб борган, Хоразмнинг гегемониясига чек қўйган, шу боис улар бу масалага ҳиссиёт билан ёндашишини тушунса бўлади.
Подкастнинг 17 дақиқасини кўрдим, давомига вақт ва кайфият бўлмади, шу 17 дақиқада айтилган баъзи фикрларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Аввало, айтиб ўтишим керакки, мен ҳар қандай олим, тадқиқотчини ҳурмат қиламан, унинг нуқтаи назари меникидан фарқ қилса ҳам, гапиришини, ёзишини ёқлайман. Яъни "античингиз" кайфиятлар айтилишига қарши эмасман, кимнингдир овозини ўчириш тарафдори эмасман. Ҳар хил нуқтаи назарлар, баҳслар бўлиши нормал. Афсуски, подкастда чиққан меҳмон — Бекзод Абдиримов бундай фикрда эмас экан: унинг айтишича, Чингизхонни улуғлашга ҳаракат "жамиятимиз учун хавфли" экан; ўзига ёқмаган қарашни "жамият учун хавфли" деб эълон қилиш жуда эски ва ноҳалол приёмдир — жиддий контраргументлар йўқлигида шунчаки "сен жамиятимизга хавфлисан" деб овоз ўчирилади.
Кейинги фикр. Подкаст иштирокчиларининг айтишича, Чингизхонни улуғлаш тенденцияси "тарихчилар орасида учрамайди, ҳаваскорлар кўтариб чиқяпти"; юқорида айтганимдек, расмий тарихчилик ростдан ҳам, совет давридагидек, Чингизхонни босқинчи деб билади, кўпчилик тадқиқотчи шундай фикрда. Лекин Чингизхонга хайрихоҳ бўлган, унга ижобий баҳо берадиган профессионал тарихчилар ҳам тиқилиб ётибди, кўп учратганман — улар илмий давраларда бу мавзуда эҳтиётроқ бўлиб гапиради, шунингдек, бу қарашлар тадқиқот шаклида олиб чиқилмаяпти.
Энди "расмий" ёндашувнинг "профессионаллигини" ижозатингиз билан шубҳа остига олсам. Тарихчининг вазифаси "у ёмон эди, бу босқинчи эди, буниси фаришта" эди деб ҳукм ўқиш эмас; илмий дискурсда ҳиссий баҳо берилмайди. Турли тарихий жараёнларнинг сабаблари, оқибатлари, натижалари ўрганилади. Шу нуқтаи назардан, бугун ўзбек тарихчилиги ўз вазифасини бажармай, ўтмишдаги шамол тегирмонлари билан олишиб юрибди, деб ўйлайман.
@Abdiqahhorov Sardor

Yaxshi chiqibdi zoʻr
ReplyDeleteZor mavzu gap yuq👏
ReplyDeleteYaxshi
ReplyDeleteFaktik yondashuv
ReplyDeleteEldor Aslanov kabi fikrlabsiz
ReplyDeleteJuda dolzarb mavzuni olib chiqibsiz
ReplyDeleteJagar zoʻr
ReplyDelete